ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган парламент сайловларидаги овоз бериш жараёнларида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари иштирок этмоқда, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича овоз бериш бошланди. Сайлов жараёнини МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг халқаро кузатувчилар гуруҳи кузатиб бормоқда.
МДҲ ПА мониторинг гуруҳи координатори, Қирғизистон Жогорку Кенеши Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Талайбек Масабиров ва МДҲ ПА Кенгаши бош котиби Дмитрий Кобицкий Тошкент шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби биносида жойлашган 0577-сайлов участкасида бўлди.
Кузатувчиларнинг гувоҳлик беришича, барча зарур тартиб-қоидалар тўлиқ ҳажмда амалга оширилган, овоз бериш режалаштирилганидек – соат 8:00да бошланган. Гуруҳ координатори ва Бош котиб комиссия аъзолари ва миллий кузатувчилар билан суҳбатлашди.
Овоз бериш мониторингида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон депутатлари ва сенаторлари, шунингдек, МДҲ ПА Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти экспертлари иштирок этмоқда. Улар Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги сайлов участкалари ҳамда хорижий сайлов участкаларида фаолият юритмоқда.
Кузатувчилар томонидан мониторинг давомида олинган маълумотлар Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари бўйича хулоса тайёрлашда инобатга олинади.