Малайзия компанияси Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга оширади

Малайзия компанияси вакили Энергетика вазирлиги қошидаги “Yashil Energiya” МЧЖ билан ижтимоий объектлар ва давлат идораларига панелларни ўрнатиш ишларини бошлашга тайёрлигини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Малайзия компанияси Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга оширишга киришмоқда. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Селангор штатининг Куала-Лангат тумани Женжаром шаҳарчаси ҳудудида жойлашган “Sunview Group” компаниясига қарашли қуёш фотоэлектр станциясига ташриф буюрди. Элчи компаниянинг лойиҳалар менежери Жон Стид билан учрашув ўтказди.
“Sunview Group” компанияси вакилига кўра, жорий йил июль ойида компания ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида иккита қуёш электр станцияларини қуриш бўйича дастлабки шартларни белгилаш тўғрисидаги битим имзоланган.
Жон Стид Энергетика вазирлиги қошидаги “Yashil Energiya” МЧЖ билан ижтимоий объектлар ва давлат идораларига панелларни ўрнатиш ишларини бошлашга тайёрлигини маълум қилди.
“Sunview Group” компанияси вакили, шунингдек, компания Қашқадарё вилоятида сув насос станцияларини қайта тикланувчи электр манбалари билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари ва техник хусусиятлари ўрганиш ишларини ҳам бошлашга тайёрлигини билдирди.
“Sunview Group” компанияси 2013 йилда ташкил этилган. Компаниянинг фаолият тури қайта тикланувчи энергетика соҳасида қурилиш бўйича лойиҳалаш, қуриш, ишга тушириш ва техник таъминот ечимларини таклиф этишдан иборат. Компания фаолияти давомида жами қуввати 500 МВт дан ортиқ бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини ишга туширган.
Малайзия билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрланади