ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларга соғлиқ, бахт ва муҳаббат тилади.
Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар! Муҳтарам фахрийлар! Сиз, азизларни бугунги қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга ўз хизмат бурчингиз ва муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, Ватанимиз ва халқимизга фидокорона хизмат қилиб келаётганингиз учун чин дилдан ташаккур билдираман.
Ушбу қутлуғ айёмда эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига байрам табригимиз ва эзгу тилакларимизни йўллаймиз.
Сизларни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга бахт-саодат, тинчлик ва файзу барака, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман, дейилади табрик сўзида.