Путин: БРИКС мамлакатларида миллий валюталар улушини ошириш геосиёсий хавфни камайтиради

Владимир Путин Янги тараққиёт банки президенти Дилма Роуссефф билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. БРИКС мамлакатлари ўртасидаги тўловларда миллий валюталар улушининг ортиб бораётгани геосиёсий хавфларни камайтиришга ёрдам беради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Янги тараққиёт банки президенти Дилма Роуссефф билан учрашувда маълум қилди, дея хабар берди Кремль матбуот хизмати.

“Миллий валюталарда ҳисоб-китобларни кўпайтириш қарзга хизмат кўрсатиш тўловларини камайтириш, БРИКСга аъзо мамлакатларнинг молиявий мустақиллигини ошириш ва геосиёсий хатарларни минималлаштириш ҳамда бугунги дунёда имкон қадар иқтисодиётни сиёсатдан холи ривожлантириш имконини беради”, — деди Россия раҳбари.

У Янги тараққиёт банкини яхши ва истиқболли молия институти деб атади. 2018 йилдан бери банк умумий қиймати қарийб 33 миллиард долларлик юзга яқин лойиҳани молиялаштирди.
Роуссефф, ўз навбатида, Глобал Жануб мамлакатлари молиялаштиришга муҳтожлигини ва ҳозирда уни олиш учун шароитлар анча мураккаб эканини таъкидлади.
“Биз ҳақиқатан ҳам бир қатор лойиҳаларга жуда катта ҳажмдаги маблағ ажратдик, бироқ бу Глобал Жанубдаги мамлакатлар эҳтиёжлари билан солиштирганда ҳали ҳам етарли эмас. Шунинг учун ҳам миллий валюталарда, махсус форматларда молиялаштиришни таъминлаш жуда муҳим. Янги тараққиёт банки эса бунга содиқдир”, — дея қўшимча қилди у.
Янги тараққиёт банкининг асосий вазифаси БРИКС мамлакатлари ва ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳалари ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштиришдан иборат.
Ҳаммаси яқин уч кун ичида ҳал бўлади. Қозонда БРИКСнинг 16-саммити очилмоқда