Ўттиздан ортиқ олийгоҳда ўзбек тили ва адабиёти бўйича кадрлар тайёрланмоқда — вазирлик

Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги нишонланмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Республиканинг 30 тадан ортиқ олийгоҳида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида кадрлар тайёрланмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири таригида маълум қилинди.
Бугун 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги нишонланмоқда.
Маълум қилинишича, она тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш борасидаги ишларда вазирлик тизимидаги олий ва профессионал таълим муассасаларида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қирқдан зиёд фундаментал китоблар нашр этилди.
Ўзбек тилининг изоҳли луғати;
Алишер Навоий қомуси;
Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси;
Фалсафа қомусий луғати;
Ўзбекистон юридик энциклопедияси;
Ислом энциклопедияси;
Маънавият: асосий тушунчалар луғати;
Педагогика: энциклопедия;
Тарих атамалари луғати;
Адабиётшунослик луғати;
Юридик атамалар луғати.

“Шулар қаторида ўзбек тилининг электрон миллий корпуси ва дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш, ўзбек тилини Интернет тармоғида оммалаштириш ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, давлат тилини ўргатишга ҳамда матн таҳририга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳам кўламли ишлар амалга оширилди”, —дейилади хабарда.

Мамлакатда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида жами 30 тадан ортиқ олийгоҳда кадрлар тайёрланмоқда.
Олий таълим муассасаларида 7 минг нафардан зиёд фан номзодлари ва докторлари, профессор-ўқитувчилар ўзбек тили ва адабиётидан дарс бермоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўргатиш ва малака ошириш марказида вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ўзбек адабий тили меъёрлари ва имло қоидалари бўйича мунтазам ўқитилмоқда.
Айтилишича, университетда ташкил этилган “Ўзбек мактаби”да эса юзлаб хорижликлар она тили ва миллий маданият асосларини ўрганмоқда. Бу борада кейинги йилларда ўзбекча-хитойча, ўзбекча-инглизча, ўзбекча-французча, ўзбекча-немисча, ўзбекча-арабча, ўзбекча-форсча луғат ва сўзлашгичлар нашр этилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузовага кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 7 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони жами 213 тага етган.
БААда ўзбек тили ўргатилиши мумкин — тафсилотлар