ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги.
“Бугун соат 12:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, мамлакатнинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоелектр станцияси ҳамда 1 та шамол электр станцияси "яшил" энергия ишлаб чиқармоқда.
“Шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 3 млрд 493,6 млн кВт⋅соат, шамол электр станцияси томонидан эса 506,4 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Бунинг натижасида:
1,2 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
атмосферага 1 млн 680 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Маълумот учун, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 2 миллион хонадоннинг 10 ойлик ёки 1 млн 666 мингта хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.