Миср ўзбекистонлик талабалар учун ноёб адабиёт ва дарсликлар юборди — улар нима ҳақида?

Адабиёт ва дарсликлар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, унинг ҳузуридаги Дипломатик академия ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясига берилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Миср Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун 500 тадан зиёд ноёб адабиёт ва дарсликларни тақдим қилди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Китоб ва дарсликлар Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти, Араб давлатлари лигаси ва "Ал-Азҳар" диний мажмуаси кутубхонаси фондидан Ўзбекистон элчихонасига топширилди.
“Дипломатик тадқиқотлар институти томонидан инглиз ва араб тилларида тақдим этилган китоблар замонавий дипломатия, сиёсат, иқтисод, фалсафа, Яқин Шарқдаги жараёнлар, минтақадаги давлатлар тарихи ва кўп йиллик муаммоларни ҳал қилиш истиқболлари каби мавзуларни қамраб олган”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, мусулмон оламидаги энг қадимий ва энг нуфузли олийгоҳлардан ҳисобланган "Ал-Азҳар аш-Шариф" диний мажмуаси эса "Ал-Азҳар" университетида талабаларга ўқитиладиган қимматли адабиётлар, муқаддас Ислом дини ва маънавиятга чорловчи қўлланмаларни тақдим этди.
“Ушбу китоблар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, унинг ҳузуридаги Дипломатик академия ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясига тақдим этиш режалаштирилган”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, мазкур қадам Ўзбекистон ва Миср олий таълим муассасалари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг кичик бир мисоли. Чунки сўнгги йилларда талабалар ва ўқитувчи алмашиш, ўзаро малака ошириш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Миср муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади