TOШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Тошкентдан Ҳиндистоннинг Гоа штатига парвозлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маълум қилинди, деб ёзмоқда "Дунё" АА.
Ҳиндистоннинг Гоа штатида Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳамда "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан шу йил 27 октябрь куни йўлга қўйилаётган Тошкент-Гоа-Тошкент авиақатновига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Унда иштирокчиларга сайёҳликнинг Ўзбекистонга хос бўлган турлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Тошкент-Гоа-Тошкент янги ҳаво қатнови ҳафтанинг якшанба ва чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилганлиги айтилди.
“Гоага парвозлар ҳам муваффақиятли бўлишига ишончимиз комил. Ўзбекистон ва унга қўшни минтақалардаги давлатлар аҳолиси мазкур штатнинг денгиз соҳилида жойлашган дам олиш масканларига қизиқиши катта. Шунингдек, Гоа ва унга туташ штатлардаги сайёҳлар ҳам энди Ўзбекистонга тўғридан-тўғри учиш имкониятига эга бўлмоқда”, – деди "Aero World Travels" компанияси раҳбари Ажай Аря.
Бугунги кунда Тошкентдан Деҳли ва Мумбай шаҳарларига "Uzbekistan Airways" ва "IndiGo" компаниялари томонидан ҳафтасига 16 та парвоз бажарилмоқда. Миллий авиаташувчининг янги йўналишни ўзлаштириши натижасида авиарейслар сони 18 тага етади.