ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. ЕОИИ ва унга аъзо давлатлар ҳамда Эрон ўртасида имзоланган эркин савдо шартномасининг кучга кириши учун зарур бўлган тартиб-қоидалар якунланмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
10 октябрь куни “Металл прокат бозорлари: сотиш, ишлаб чиқариш, стратегия” иккинчи халқаро конференцияси доирасида Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Савдо сиёсати департаментининг савдони тартибга солишнинг махсус масалалари бўлими бошлиғи Кира Данильчева маъруза қилди. Маъруза Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Эрон ўртасидаги эркин савдо шартномасига мувофиқ яратилган имтиёзли шартлар тўғрисида бўлди.
“Имзоланган шартнома ЕОИИ мамлакатлари ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун шароит яратади. Бироқ яратилган имтиёзлардан фаол фойдаланиш учун томонларнинг бизнес вакиллари ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришлари керак”, — деди у.
Шу муносабат билан Кира Данильчева манфаатдор ишбилармон доира вакилларини 3-6 декабрь кунлари Теҳронда ўтказилиши режалаштирилган “Eurasia EXPO 2024” учинчи ихтисослаштирилган кўргазмасида иштирок этишга чақирди.
ЕОИИ ва унга аъзо давлатлар ҳамда Эрон ўртасида 2023 йил 25 декабрда эркин савдо шартномаси имзоланган. Ҳозирда унинг кучга кириши учун зарур бўлган тартиб-қоидалар якунланмоқда.