TOШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Бухорода жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Бухоро халқаро аэропорти қурилишига оид тақдимотда маълум қилинди.
Айтилишича, шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Қўқон ва Зомин аэропортлари ишга туширилди, Наманган ва Андижонда эса модернизация бошланди.
Самарқанд халқаро аэропорти хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилингач парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробарга ошган. Бухородаги аэропорт эса аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади, холос.
Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чеклаяпти. Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлаяпти. Масалан, 9 ойда Бухорога ташриф буюрган 1 миллиондан зиёд хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган.
Вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 8 миллионга етказиш режа қилинган.
“Шу боис жорий йил 31 майда президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган эди. Давлат-хусусий шериклик асосидаги ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади”, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлади. Терминалнинг қулайликлари, ички ва ташқи қиёфаси бўйича тавсиялар берилди.