TOШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Талайбек Масабиров Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайлови учун МДҲ ПА кузатувчилари гуруҳи координатори этиб тайинланди. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда МДҲ ПА халқаро кузатувчилари гуруҳи ишлайди.
“МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг буйруғи билан Қирғизистон Жогорку Кенеши Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Талайбек Масабиров гуруҳ координатори этиб тайинланди”, — дейилади хабарда.
Гуруҳ таркибига МДҲ мамлакатлари парламентлари вакиллари, Ассамблея ходимлари ва Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти экспертлари киради.
Кузатувчилар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаевнинг таклифига биноан овоз бериш жараёнини кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига 22 сентябрдан рухсат берилган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев Ўзбекистон сайловда Ҳамдўстлик кузатувчилари миссиясига раҳбарлик қилади.