TOШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Украина махсус операция вақтида Россияни заҳарли моддалар ишлатганликда айблаш учун провокация тайёрламоқда. Бу ҳақда брифингда Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кириллов маълум қилди.
“Ҳозирда Россия Мудофаа вазирлигида Украина Россия Федерациясини ҳарбий ҳаракатлар пайтида заҳарли моддалардан фойдаланганликда айблаш мақсадида провокациялар тайёрлагани ҳақида маълумот бор”, — деди у.
Кирилловнинг сўзларига кўра, Киевнинг режаси қуйидагича:
8 октябрда бошланадиган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) Ижроия кенгашининг 107-сессиясида Россиянинг заҳарли моддалардан фойдаланганлигининг сохта "далиллари" бўйича материаллар тақдим этилади;
Киев бу “далилларни” КҚТТ вакилларига гўёки “мустақил” ҳисобот тузиш учун топширади;
Киев Россия вакилларини КҚТТ Техник котибиятидаги лавозимларидан маҳрум қилишга интилмоқчи;
агар провокация муваффақиятли бўлса, Россиянинг Кимёвий қурол бўйича конвенция иштирокчиси сифатида ҳуқуқларини йўқотиши тўғрисида қарор қабул қилинади;
Россиянинг заҳарли моддалардан фойдалангани ҳақидаги материаллар Сурияга нисбатан қилинганидек БМТ Хавфсизлик Кенгашига юборилади.
Генерал, шунингдек, АҚШ яқинлашиб келаётган провокацияга алоқадорлигини таъкидлади – бу унинг КҚТТдаги вакили Никол Шампейннинг баёнотидан далолат беради.
Июль ойида у АҚШ ноябрь ойида бўлиб ўтадиган КҚТТ конференциясида Россияни жавобгарликка тортиш масаласини кўтариш ниятида эканлигини очиқ айтди. Бундан ташқари, Украинага шахсий ҳимоя воситаларининг ҳаддан ташқари кўп миқдорда етказиб берилиши яна бир далилдир.
Шундай қилиб, АҚШ томонидан назорат қилинадиган ва исталмаган давлатлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланиладиган КҚТТ негизида яна бир платформа шаклланди, дея қўшимча қилди Кириллов.
Шу билан бирга, Украинанинг ўзи махсус ҳарбий операция давомида Донецк, Богдановка, Горловка, Кременная, Артёмовск, Красний Лиман ва Богуславский йўналишларида хлоропикрин, Би-Зет, синил кислотаси, хлорциан каби кимёвий моддалардан 400 мартадан ортиқ фойдаланган, деб таъкидлади генерал.
Унинг қайд этишича, 11 август куни Украина Қуролли кучлари Курск вилоятининг Суджа шаҳрида DM-105 кимёвий снарядларини қўллаган, натижада 20 дан ортиқ одам жароҳатланган. Бундан ташқари, Россия қўшинлари Украина Қуролли кучлари томонидан тутун снарядлари ниқоби остида кимёвий қуролдан яширин фойдаланиш фактларини ошкор қилди. Москва КҚТТ Техник котибиятига барча керакли далилларни тақдим этди, аммо мазмунли жавоб олмади, дея хулоса қилди Кириллов.