TOШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Ўзбекистонга Қозоғистон орқали 3,8 миллиард куб метрга яқин Россия гази етказиб берилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Ҳозирги кунда Россия гази Ўзбекистон Республикасига транзит қилинмоқда, бу ерда гап 3,8 миллиард кубометр ҳақида кетмоқда. Қозоғистон ички бозорда газ тақчиллиги бўлмаган тақдирда фақат своп операцияларини қабул қилади. Яъни, бу кичик ҳажмлар. Нархлар, юқорида айтганимдек, спот нархда шакллантирилади”, — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
Аввалроқ "QazaqGaz" бошқаруви раисининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Акан Айдин Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити ҳажмини йилига 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.
“Марказий Осиё – Марказ” газ қувурлари тизими Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали ўтади. 2023 йил июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида “Газпром” ва Ўзбекистон Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.