Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида алоқалар йўлга қўйилади

Гуанси компаниялари учун Ўзбекистоннинг инвестицион ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Ўзбекистон вилоятлари ва Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном райони ўртасида ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилади.
“Дунё” АА хабарига кўра, мамлакатнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакат инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида амалий сафар Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном районида бўлишди.
Ташриф давомида “Бир макон ва бир йўл” ташаббуси мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги" мавзусидаги форумда Гуанси компаниялари учун Ўзбекистоннинг инвестицион ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Гуанси Ташқи савдога кўмаклашиш қўмитаси, ушбу ҳудуднинг туман ва йирик шаҳарлари ва компаниялари раҳбарлари билан суҳбатда Хоразм вилояти билан ҳудудлараро ҳамкорликнинг амалий натижаларга йўналтирилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга экспорт ҳажмини ошириш мақсадида товуқ панжаларини етказиб бериш бўйича хитойлик импортёр ва савдо мажмуалари билан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон дипломатлари ташриф давоми Гуйлин шаҳри ташқи ишлар бошқармаси бошлиғи Вэн Пу билан алоҳида учрашув ўтказишди.
Хитой томонига Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар, ҳудудларнинг инвестицион салоҳияти ҳамда шу йил 27 октябрь кунига белгиланган парламент сайловлари ҳақида сўзлаб берилди.
Бугунги кунда Гуйлин 10 та мамлакатнинг 12 та шаҳри билан биродарлик алоқаларини ўрнатгани инобатга олиниб, Ўзбекистон шаҳарлари билан ҳам яқин дўстлик ришталарини ўрнатишдан манфаатдорлик билдирилди.
Хитойнинг Наннин ва Гуйлин шаҳарларида ўтказилган учрашувлардан якунида томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма тадбирлар, кўргазма ва бизнес миссияларни ташкил этишга келишиб олишди.
Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштиради