TOШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 4-10 октябрь кунлари “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтади, дея хабар берди “Ўзбеккосмос” агентлиги ахборот хизмати.
“4-10 октябрь кунлари "Tashkent City Mall" савдо-кўнгилочар марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма ўз ишини бошлайди. Қолаверса, болажонлар учун мажмуадаги турли интерактив шоу ўйинлар, танлов ва викториналар ўтказилади”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, 5-6 октябрь кунлари Турин политехника университетида “NASA Space Apps Challenge 2024” хакатони бўлиб ўтади. Унда 200 нафардан зиёд ёшлар 40 тага яқин жамоага бўлинган ҳолда ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишади.
Шунингдек, бутун республика бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей ва университетларда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” мавзусига бағишланган очиқ дарслар, суҳбатлар, тақдимотлар ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, "Бутунжаҳон космос" ҳафталиги ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида дунёнинг 100га яқин давлатларида нишонланади. БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йилда мазкур санани нишонлаш бўйича резолюция имзолаган. Байрам саналари тасодифан танланмаган: 1957 йил 4 октябрда СССР дунёдаги биринчи сунъий йўлдошини учирди, 1967 йил 10 октябрда эса АҚШ, Буюк Британия ва СССР ўртасида Космос ҳақидаги шартнома имзоланди.
Ушбу тадбир космик илм-фаннинг цивилизация ривожи ва ҳаёт сифатини яхшилашга қўшган ҳиссасига бағишланади.