Қурилиш объектларига 500 нафар назоратчи бириктирилади

Ўзбекистонда қурилишларда назорат кучайтирилади. Давлат ҳсиобида қурилаётган объектларда видеокамералар ўрнатилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Айни дамда Ўзбекистон ҳудудида қурилаётган 30 мингга яқин объектларга 500 нафар назоратчи номма-ном бириктирилади, деди АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов.
Назоратчилар боди-камералар билан таъминланган. Қурилиш объектларида аниқланган хато ва камчиликларни жойида бартараф этиш мақсадида ҳудудий инспекцияларда қурувчи-операторлар штаби ташкил қилинади.
Давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектга тоифасига қараб камида 2 тадан видеокамера ўрнатилади. Кузатув қурилмаси операторлар штабига маълумотларни онлайн етказиб туради. Шу орқали қурилиш жараёнлари, буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик, пудратчининг ички назорат ишлари доимий давлат назоратида бўлади.
Ҳар бир қурилаётган объект олдида QR кодли паспорт ўрнатилади. Агар бундай турдаги паспорт бўлмаса, қурилиш ноқонуний ҳисобланади. Қурилиш паспортида қурилишга тааллуқли барча шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлиши шарт.
Ноқонуний қурилишлар бўйича маҳалла раислари ва жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда. Бу орқали шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтмасдан ўзбошимчалик билан бошлаб юборилган қурилишларни ўз вақтида тўхтатиш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида назоратни кучайтириш вазифани қўйган эди.
Қурилиш, таълим, туризм ва саноат: Мирзиёев лойиҳалар тақдимоти билан танишди