ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Тошкентдан Москвага йўловчи поездлари қатнови қайта тикланди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Қайд этилишича, мазкур йўналишда поездлар қатнови COVID-2019 пандемияси туфайли 2020 йилда тўхтатилган эди. 4 йиллик танаффусдан сўнг Тошкентдан Москвага йўловчи поездлари қатнови қайта тикланди.
“24 сентябрь куни соат 19:55 да 505-сонли Тошкент – Москва поезди “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалидан тантанали тарзда кузатилди. Ушбу таркиб сўнгги манзилга 27 сентябрь куни соат 23:12 да (Москва вақти билан) Павелецкий темир йўл вокзалига етиб боради”, — дейилади хабарда.
Москва – Тошкент йўналишидаги 506-сонли поезд қатнов эса 28 сентябрь куни Москва вақти билан соат 05:40 да Павелецкий вокзалидан Тошкент шаҳри томон ҳаракатни бошлайди.
Ушбу йўналиш “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига жорий йилнинг 1 октябрь куни эрта тонгда Тошкент вақти билан 08:25 да етиб келади.