ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миссияси Ўзбекистон парламенти сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш бўйича иш бошлади. Бу ҳақда миссия штаб-квартираси раҳбари Евгений Козяк РИА Новостига маълум қилди.
Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайлови 27 октябрь куни бўлиб ўтади, сайловолди ташвиқоти 26 июлдан бошланди, номзодлар 22 сентябрдан бошлаб сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда.
“Миссиянинг ўн кишидан иборат гуруҳи бугундан бошлаб Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатасига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш бўйича иш бошлади”, — деди Козяк.
Унга кўра, миссия таркибига Ҳамдўстлик давлатларидан 100 га яқин кузатувчи киради. Миссиянинг Тошкентдаги штаб-квартираси ҳудудлардаги кузатувчилар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Бугун Марказий сайлов комиссиясига МДҲ бош котиби ўринбосари Денис Трефилов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси миссия штаби раҳбари Евгений Козяк ташриф буюрди.
Аввалроқ МДҲ Ижроия қўмитаси Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Ҳамдўстлик давлатларининг миссиясига ташкилот бош котиби Сергей Лебедев бошчилик қилиши ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларда 1 мингдан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар, жумладан, МДҲ, ШҲТ ва ЙХҲТдан ҳам иштирок этиши режалаштирилган.