Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини табриклади

Ўзбекистон 2026 йилда илк бор навбатдаги жаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Аввалроқ шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қарийб 200 та давлат вакиллари орасида фахрли учинчи ўринни эгаллади.
“Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир. Сизларнинг тимсолингизда Янги Ўзбекистон ёшлари мана шундай ақл ва тафаккур беллашувларида қандай баланд марраларни эгаллашга қодир эканини кўриб, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлмоқда”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, ушбу мусобақада юксак интеллектуал салоҳиятини намойиш этган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидовлар эришган натижалар жуда қадрли.
“Айниқса, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин медални, Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритиб, нақадар катта маҳорат эгаси эканларини яна бир бор исботлаганларини алоҳида таъкидлаш лозим”, — дея қайд этилган хабарда.
Шунингдек, мусобақада Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова сингари шахматчи қизлар ҳам муносиб иштирок этди.
“Улар ўтган олимпиадада кўрсатган натижаларини яхшилаб, 170 мамлакат ўртасида 12-ўринни эгаллаганлари албатта эътиборга моликдир. Матонатли қизимиз Нодира Нодиржонова тахталар кесимида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирлангани айниқса қувончлидир. Уларнинг барчасини самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда совринли ўринларни забт этишларини тилайман”, — дея таъкидлайди мамлакат президенти.
Қайд этилишича, бундай муваффақиятлар халқни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
“Сизларга жонажон Ўзбекистонимиз 2026 йилда илк бор мезбонлик қиладиган навбатдаги жаҳон шахмат олимпиадасида ҳам энг юксак чўққиларни забт этиш насиб этсин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва саодат, келгусидаги ўқиш ва ишларингизда катта муваффақиятлар тилайман. Зафарли юришларингиз доимо бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!”, — дея хулоса қилинган табрикда.
Шахмат: Ўзбекистон Венгрияда ўтган Олимпиадада бронза медалига сазовор бўлди