Марказий Осиё давлатлари ва Малайзия ўртасида инвестицион электрон платформа яратилади

Платформа яратиш таклифи Савдо-саноат палатаси томонидан билдирилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Малайзия ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида инвестицион электрон платформа яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон-Малайзия бизнес кенгаши раиси Лим Чин Фуи бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Марказий Осиё давлатлари ва Малайзия ўртасида инвестицион электрон платформа яратилади
Ташриф доирасида ССПда "Ўзбекистон - Малайзия" давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат қурилиш, энергия ресурсларини қайта ишлаш, нефт ва газ, қандолатчилик ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида иш юритувчи 50 нафардан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда экспорт-импорт ҳажмини ошириш бўйича фикр алмашишди.

“Суҳбат чоғида Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов томонидан Малайзия ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида инвестицион электрон платформа яратиш бўйича таклиф берилди ва хорижий ишбилармон доира вакиллари томонидан маъқулланиб, ушбу платформани ишга туширишга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, ўтказилган музокаралар якунлари бўйича икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кейинги қўшма ҳаракатлар белгиланди.