TOШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) баҳолаш хизматларининг ягона бозорини ишга туширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) тадбиркорликни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Лусине Тумян маълум қилди.
Москвада бўлиб ўтган “Кўчмас мулк диққат марказида: баҳолаш, тартибга солиш, ривожлантириш” халқаро конференциясида ЕИК вакили сўзга чиқди.
“Комиссия аъзо давлатлар билан биргаликда баҳолаш хизматлари ягона бозорининг узлуксиз ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда. У 2025 йилнинг бошида бошланиши керак. Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида биз Маъмурий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган ҳолда ички давлат тартиб-қоидаларига юборилишини кутмоқдамиз”, — деди Тумян.
“Турли мамлакатларда кўчмас мулк бозорини ривожлантириш тенденциялари” конференциясининг сессияларидан бири Иттифоқнинг ягона бозорин ишга туширилишига бағишланди. Иштирокчилар мулкни баҳолаш хизматларининг ягона бозори фаолиятига тайёргарлик кўриш, баҳолаш фаолияти соҳасидаги ЕОИИ мамлакатлари қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди.
Шунингдек, улар Иттифоқ мамлакатларида баҳолаш фаолиятини ривожлантириш учун ЕОИИ интеграцион салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳимлигини таъкидлашди.
Қайд этилишича, баҳолаш хизматларининг ягона бозорининг пайдо бўлиши ЕОИИ мамлакатлари ҳудудида объектларнинг инвестиция жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.