Интерполнинг нейтрал мақомини сақлаб қолиш муҳим — МДҲ вакиллари

Халқаро уюшган жиноятчиликка қарши курашда Интерпол самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради — Россия ИИВ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Интерполнинг нейтрал мақомини сақлаб қолиш муҳим. Бу ҳақида Москвада бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатларнинг Интерпол Миллий марказий қўмиталари раҳбарларининг йиғилишида таъкидланди.
МДҲ вакиллари МДҲ давлатларида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноят турларига қарши кураш мақсадида ташкилотнинг нейтрал мақомини сақлаб қолиш ва ўзаро ахборот алмашинувининг мавжуд истиқболли каналларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлашди.
Делегатлар, шунингдек, халқаро терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда Интерпол каналлари орқали ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ундан ташқари, вакиллар ахборот-телекоммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқдилар.
МДҲга аъзо давлатларнинг Интерпол Миллий марказий қўмиталари раҳбарларининг йиғилиши
Москвада 17-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтган тадбирда Россия ИИВ ва Бош прокуратураси раҳбарлари, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ИИВ делегациялари иштирок этди.