ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Сурхондарё ва Новосибирск вилоятлари ўзаро товарлар экспортида Термиздаги транспорт-логистика маркази имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Новосибирск вилояти губернатори бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан келди.
© surxondaryo.uz
Россиянинг Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан келди. Ташриф давомида вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов ҳамроҳлигида “Термиз халқаро савдо маркази” - “Airitom free zone” кўздан кечирилди.
Марказий Осиёдаги биринчи эркин савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида, Термиз тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, қиймати 70 млн долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес мактаби, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, ресторанлар, хостел ҳамда йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган.
Делегация вакиллари марказда Бизнес мактаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электротехника ва заргарлик маҳсулотлари шоурумлари ҳамда логистика маркази ва бошқа бир қатор объектлар, шунингдек, зонада яратилган шароитлари, имконият ва имтиёзлар билан танишишди.
“Марказ ҳудудида барча давлат фуқароларининг 15 кун давомида виза расмийлаштирмасдан кириш ва чиқиш ҳамда мультивалюта билан савдо қилиш йўлга қўйилганлиги келгусида зонадаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ва Россия, хусусан, Сурхондарё ва Новосибирск ўртасида товар айрбошлаш ҳажмини оширишга замин яратиши қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Новосибирск вилояти губернатори бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан келди.
© surxondaryo.uz
Шунингдек, Термиз туманида жойлашган "TERMEZ CARGO CENTRE" транспорт-логистика маркази фаолияти билан ҳам танишилди. Марказ қарийб 50 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ҳар бири 6 минг кв метр бўлган 4 та ангарга эга умумий 1,5 минг тонна омборни ўз ичига олади.
Айтилишича, марказ Ўзбекистондан нафақат қўшни мамлакатларга, балки дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам маҳсулотларни хавфсиз ва ишончли етказишда муҳим логистика объекти саналади.
Хусусан, келгусида ҳудуд раҳбарлари ўзаро товарлар экспортида ҳам маҳсулотларни саралаш, сақлаш ва етказиб беришда ушбу транспорт-логистика маркази имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкинлигини қайд этишди.