ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ҳомиладор аёлга нисбатан одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда депутатлар “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишди.
Қайд этилишича, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳамон содир этилмоқда. Бу каби инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, жумладан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш билан боғлиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.
“Жумладан, ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси, шунингдек, муқаддам одам ўғирлаш жиноятини содир этган шахслар томонидан одам савдоси жиноятининг содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши одам савдоси жинояти содир этилишининг олдини олишга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.