Россия Марказий банки асосий ставкани оширди

Россия банки буни мамлакат иқтисодиётидаги вазият ва юқори инфляция хавфи билан тушунтирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен – Sputnik. Россия Марказий банки асосий ставкани яна бир фоизга оширди. Энди у 19%ни ташкил қилади. Бу 2022 йил апрель ойидан бери энг юқори кўрсаткич, ўшанда йиллик ставка 20% бўлган.

"2024 йил 13 сентябрда Россия Марказий банки Директорлар кенгаши асосий ставкани <...> йиллик 19,00% гача оширишга қарор қилди", - дейилади хабарда.

Асосий ставка Марказий банк томонидан тижорат банкларига кредитлар бериш ва улардан депозитларга пул маблағларини қабул қилишнинг минимал фоизи ҳисобланади. Унинг катталиги инфляцияга таъсир қилади. Регулятор асосий ставкани оширганда, иқтисодиётдаги пул қимматлашади - уй хўжаликлари ва бизнес учун кредитлар ва депозитлар бўйича банк ставкалари ошади. Пул сарфлаш ва кредит олишдан кўра омонат очиш ва жамғариш фойдалироқ бўлади. Шунинг учун товарлар ва хизматларга талаб камаяди, нархлар секинроқ кўтарила бошлайди ва инфляция секинлашади.
Марказий банк ушбу чорани Россия иқтисодиётида бугунги кунда мавжуд вазият тақизо этаётгани билан изоҳлади. Хусусан, ички талаб таклифга қараганда тезроқ ўсимоқда, иш ҳақи ҳам меҳнат унумдорлигига қараганда тезроқ ўсмоқда, умуман Россия иқтисодиёти мувозанатсиз ўсиб бормоқда. Шу сабабли инфляция босими юқорилигича қолмоқда - йил охирида инфляция, июль ойидаги прогноздан 6,5–7% ошиб кетиши мумкин, - дейилади хабарда.
2023 йил охиридан бошлаб Марказий банк асосий ставкани йиллик 16 фоиз даражасида ушлаб турди, бироқ июль ойида инфляциянинг тезлашиши, кредитлаш ставкаларининг тез суръатлари ва инфляция кутилмаларининг ошиши фонида оширди. Кейин регулятор ставкани 18 фоизгача оширди.