Ўзбекистон ва Қатар қўшма таълим дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Қатар ОТМлари ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Қатар олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги етакчи олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация Қатардаги Таълимни тажовузлардан ҳимоя қилиш халқаро кунига бағишланган юқори даражадаги давра суҳбатида иштирок этди.
Тадбирда юздан ортиқ халқаро делегатлар, жумладан, Тожикистон, Бразилия, Малайзия, Жанубий Африка, Яман, Кипр, Босния ва Герцеговина, Фаластин, шунингдек, БМТ вакиллари ҳам қатнашди.
“Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ал Жабр Ал Нуайми билан кечган учрашувда университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу мамлакатнинг етакчи университетларида ўзбекистонлик талабаларни таҳсил олиш учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Илмий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, экология, сувни тежаш, чўлланишга қарши курашиш каби долзарб йўналишларда қўшма илмий лойиҳа ва ишланмаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон университетлари раҳбарларининг Қатар олий таълим муассасалари, жумладан, Ҳамад бин Халифа университети, Лусайл университети, Доха фан ва технология университети президентлари билан музокаралар ташкил этилди.
Музокаралар натижасида қуйидагилар билан келишувларга эришилди:
Бухоро муҳандислик-технология институти билан Ҳамад бин Халифа университети;
Тошкент ахборот технологиялари университети ва Лусайл университети;
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Доха фан ва технология университети;
Келишувга кўра, таълим даргоҳлари ўртасида академик алмашинув ва икки томонлама диплом бериш дастурларини ҳаётга татбиқ этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатар "Таълим ҳаммадан устун" жамғармаси ўртасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Саида Мирзиёева: афғонистонлик аёлларни касбларга ўқитишни давом эттиришга тайёрмиз