ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўнлаб давлатлар БРИКС ишида иштирок этишни хоҳлайди. Бу ҳақда Россия етакчиси Владимир Путин хавфсизлик масалалари бўйича бирлашма мамлакатлари юқори вакилларининг йиғилишида маъулм қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Бугунги кунда ўттиздан ортиқ давлат, аниқроғи 34 та давлат уюшмамиз фаолиятига у ёки бу шаклда қўшилиш истагини билдирган (БРИКС – таҳр.)", – деди Россия президенти.
Унинг қайд этишича, Россия амалдаги раис сифатида биргаликдаги ишларни ташкил этишга масъулият билан ёндашган. У янги иштирокчи мамлакатларнинг БРИКСнинг барча механизмларига энг тез ва энг органик интеграциялашувига ҳисса қўшди.
“Россия раислиги ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини бошлади, жумладан, транспорт вазирлари, геологик тадқиқотлар бўлимлари раҳбарлари ва БРИКС ядровий тиббиёт форуми. Маданий-гуманитар йўлда БРИКС фуқаролик ва академик форумлари, дўстлик спорт ўйинлари, шунингдек, Россиянинг турли шаҳарларида ўтказилган тематик фестиваллар ва кўргазмалар катта резонансга эга бўлди”, — дея қўшимча қилди Путин.
БРИКСнинг бу йилги саммити 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади. Путин давлат раҳбарларига ушбу учрашувда “ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини тубдан муҳокама қилиш” кутаётганини етказишни сўради.
БРИКСга йиллик раислик 1 январь куни Россияга ўтди. Йил уюшмага янги аъзоларнинг қўшилиши билан бошланди — Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан ташқари, энди унга Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Саудия Арабистони киради.