Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси ва Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди

Янги Ўзбекистон кўчасида “Тошкент-Шарқий” аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси қурилмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, узунлиги 11 километр, эни 86 метр бўлган бу кўча сўнгги йилларда энг катта йўллардан бирига айланди.
Лойиҳага кўра, кўчанинг икки томонида миллий руҳга уйғун замонавий турар жойлар, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилади. Сайилгоҳ ва кўнгилочар масканлар, пиёда ва велосипед йўлакчалари ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси ва Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди.
Бу ерда “Тошкент-Шарқий” аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси ҳам қурилмоқда.
“Бу галги ташриф чоғида шу борадаги ландшафт дизайни таклифлари кўриб чиқилди. Унга кўра, Янги Ўзбекистон кўчасининг икки тарафи янада обод қилинади. Чинор, эман, лола дарахти, каталпа, писардия, кипарис, ҳинд настарини, лаванда, Сурия атиргули каби дарахт ва буталар декоратив шаклда экилади. Аэропорт олдида иккита фаввора барпо этилади. Умуман, бу ҳудуд Тошкентнинг “яшил белбоғи”нинг бир қисми бўлади”, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари бу ерда экология, сифат ва маданият уйғунлашиши кераклигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси ва Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди.
Бу улкан мажмуа келгуси йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари учун қурилмоқда.
Мусобақалар Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган 29 та спорт тури бўйича ўтказилади. Уларда қитъанинг 45 та давлатидан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси ва Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди.
“100 гектар майдонга ёйилган Олимпия шаҳарчасида буларнинг барчаси учун шароит бўлади. Бугунги кунда асосий иншоотларда жадал қурилиш кетмоқда. Хусусан, 12 минг ўринли олимпия стадиони, ҳар бири 2 мингдан томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари қад кўтариб қолган”, — дейилади хабарда.
Мирзиёев қулайлик ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу жараёнларни юқори даражада рақамлаштириш, сунъий интеллект воситаларидан кенг фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.
Олимпия шаҳарчасида, шунингдек, футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон бўлади. Музей ва офисларни ўз ичига олган маъмурий бино, боғлар, сунъий кўл барпо этилади.
Осиё ўйинларидан кейин Олимпия шаҳарчасидан самарали фойдаланилади.
Президент таъкидлаганидек, бу жой мамлакат спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади. Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази шу ерда жойлашади.
Бу ерда “ақлли шаҳар” концепциясига асосланган замонавий бошқарув тизими жорий этилади.