Париж-2024: Нурхон Қурбонова Ўзбекистон делегациясига 10-олтин медални олиб келди

Нурхон Қурбонова жаҳон рекордини янгилади ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 10-олтин медални қўшиб қўйди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик пара енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Ф54 классида найза улоқтириш дастурида финал баҳслари якунланди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Нурхон Қурбонова 21.12 метр натижа қайд этган ҳолда жаҳон рекордини янгилади ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 10-олтин медални қўшиб қўйди.

Маълумот учун, Ф54 классида найза улоқтириш бўйича амалдаги жаҳон рекорди ҳам айнан Нурхон Қурбонованинг ўзига тегишли эди. Қурбонова жорий йил Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 20.73 метр натижа билан жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлган эди.
Нурхон Қурбонова бундан аввал Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар ҳозирча 10 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронзага етди.
Париж-2024: Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна 6 та медаль ёзилди