Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэропортини бориб кўрди — тафсилотлар

Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэропорти қурилишини кўздан кечирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда “Тошкент-Шарқий” аэропорти қайта қурилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэропорти қурилишини кўздан кечирди
Дастлаб 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қурилди. У энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. Айни пайтда юқори мартабали меҳмонлар учун ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар барпо этилмоқда.
Қайд этилишича, аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.
Президент Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэропорти қурилишини кўздан кечирди
“Шу ерда терминалларнинг ташқи ва ички кўриниши бўйича тақдимот ўтказилди. Давлатимиз раҳбари биноларнинг фасад қисми миллий дизайнда бўлиши, пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ рангларга кўпроқ ўрин берилишига аҳамият қаратди. Юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш, учрашувлар ўтказиш учун барча қулайликларни инобатга олиш зарурлигини таъкидлади”, — дейилади хабарда.
Мазкур аэропорт “Янги Ўзбекистон” боғи, Олимпия шаҳарчаси билан ёнма-ён. Ушбу мажмуаларни ва йўл бўйини кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.