Ўзбекстонда парламент сайловлари — 2024
2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

МСК янги шаклдаги сайлов бюллетенларини тасдиқлади

Қайд этилишича, бу йилги сайловлардаги бюллетенлар мутлақо янги шаклда тасдиқланди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг навбатдаги мажлисида сайлов бюллетенларининг шакли тасдиқланди, дея хабар берди комиссия матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бу йилги сайловлардаги бюллетенлар мутлақо янги шаклда тасдиқланди.
“Ушбу сайлов бюллетенларининг ихчамлиги бюллетенни чоп этиш харажатларини камида 3 млрд сўмгача иқтисод қилиш имконини бермоқда”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ҳар бир сайлов тури учун бюллетенларнинг ранги ҳам турлича.
Қонунчилик палатасининг бир мандатли сайлов округи бўйича сайлов бюллетени оч кўк рангда;
ягона сайлов округи бўйича сайлов бюллетени оч яшил рангда;
халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши сайлови бўйича сайлов бюллетени оч сариқ рангда;
халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши сайлови бўйича сайлов бюллетени оч кулранг рангда.
“Худди шу тартибда овозларни санаб чиқиш натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомалар ҳам сайлов бюллетенлари рангига мутаносиб равишда чоп этилиши”, — қайд этилди.
Айтилишича, ушбу ҳолатда сайлов участкасида овоз бериш натижаларини ҳисоблаш алгоритмлари хронометраж қилинганда участка сайлов комиссиясининг иш ҳажми ва натижаларни аниқлаш учун сарфланадиган вақт сарфи қисқаргани кузатилди.
“Аввалги сайловларда овоз бериш натижаларини ҳисоблаш учун участка сайлов комиссиялари ўртача 4 соат вақт сарфлашган бўлса, янги шаклдаги сайлов бюллетенлари жорий этилиши ушбу вақтни камида 1 соатгача қисқартириш, бутун республика бўйича эса, комиссияларнинг камида 11 минг соатгача вақтини тежаш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Натижада, аввалги сайловлардаги участка сайлов комиссияларининг ўртача 11 нафар аъзолари сонини бу йилда ўртача 10 нафаргача, яъни республика бўйича 2,1 минг нафаргача камайтиришга ҳамда улар учун сарфланадиган 2 млрд сўмлик компенсация тўловлари бўйича харажатларни ҳам иқтисод қилинишига эришилмоқда.
Айтилишича, сайлов бюллетенларининг ихчам ҳажми ва турли рангларда чоп этилиши сайловчилар учун ҳам қулайлик яратади. Бунда бюллетенларни бир-биридан ажратиб олиш ва уларни тўлдириш жараёнлари янада осонлашади.
Бундан ташқари, МСКнинг қарори билан маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенларининг шакли ва матни намунаси ҳам тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.
Энди “оилавий” овоз бериш учун бюллетен берганлар жавобгарликка тортилади