Афғонистонда террорчилик ҳаракати сезиларли даражада пасайгани маълум қилинди

Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси 10-халқаро илмий-амалий конференцияси ва МДҲнинг терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича иккинчи конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Афғонистонда террорчилик ҳаракати сезиларли даражада пасайди. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази раҳбари Евгений Сисоев Тошкентда бўлиб ўтаётган конференцияда маълум қилди, дея хабар берди ЎзА.
Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотнинг (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ўнинчи халқаро илмий-амалий конференцияси ва МДҲнинг терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича иккинчи конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Абдусалом Азизов табрик сўзи билан сўзга чиқди.
Унинг қайд этишича, ШҲТ ва МДҲ маконида кечаётган мураккаб ва қарама-қарши ҳарбий-сиёсий жараёнлар мамлакатлардан халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашда саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни бирлаштиришни талаб этади.

“Бу ҳолат ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига бевосита таҳдид солади. Вазият халқаро террорчилик ташкилотлари бошлиқларининг давлатларимизга қарши ўзларининг бузғунчи режаларидан воз кечмаганликлари билан янада мураккаблашмоқда. Афғонистон ҳукумати ўз имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, халқаро терроризмга қарши курашмоқда, афғон махсус хизмати "Ислом давлати – Хуросон вилояти"га* қарши курашда етакчилик қилиб, муайян натижаларга эришмоқда. Шу боис, душманга қарши биргаликда курашишимиз керак”, — деди у.

Айтилишича, “Хуросон вилояти”*га қарши курашда Афғонистонга ёрдам кўрсатиш муҳим, чунки қарши чораларни заифлаштириш бу гуруҳнинг кучайишига сабаб бўлади, бу эса ўз навбатида, минтақа хавфсизлигига хавф солади.

“Ишончим комилки, ўзаро ишонч, халқаро терроризм, экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашиш соҳасида мунтазам ахборот ва тажриба алмашишга асосланган изчил ва мувофиқлашган фаолиятда бирга ҳаракат қилиш ёрдамидагина давлатларимизда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда самарали натижаларга эришиш мумкин. Шу боис бугунги кунда халқаро анжуманни ўтказиш долзарб бўлиб, унинг доирасида иштирокчилар чақириқлар ва хавфсизлик таҳдидларининг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш, самарали қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш, халқаро ва минтақавий даражада аксилтеррор ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконига эга бўладилар, — деди Азизов.

ШҲТ бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев ўз сўзида ШҲТ МАТТ форумининг МДҲнинг терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича иккинчи конференцияси билан бирга ўтказилишини қўллаб-қувватлаймиз, дея қайд этди.
“Бундай ёндашув минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласида фикр алмашиш ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиш учун келишилган таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради”, — деди Ниязалиев.
Унинг таъкидлашича, ШҲТ Котибияти БМТ ва унинг янги таҳдидларга қарши курашиш бўйича махсус муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилади. БМТ Аксилтеррор бошқармаси билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилган.
Конференцияда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев сўзга чиқди.

“Ҳозирги геосиёсий жараёнлар давлатлар, энг аввало ШҲТ ва МДҲ мамлакатлари хавфсизлиги ва суверенитети учун янги чақириқларни шакллантирмоқда, бу айниқса, ИШИД*, "Ал-Қоида"* ва бошқа гуруҳлар томонидан террорчилик таҳдидлари юқори даражада бўлган шароитда муҳим аҳамиятга эга, — деди Мирзаев.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда, Афғонистонда амалдаги ҳукумат ҳокимият тепасига келганидан сўнг, мамлакатда ҳали ҳам фаолият юритаётган террорчилик гуруҳлари устидан назорат ўрнатиш ва уларни зарарлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Бу ҳолат ўз навбатида, хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш чораларини такомиллаштиришда Кобул ҳокимиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш масаласининг долзарблигини оширмоқда, бу эса нафақат Афғонистон, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам муҳимдир.
Ижтимоий тармоқлар ва мессенджерлар террорчилар ва одам ёлловчиларнинг тарғибот фаолиятида асосий восита бўлаётганига ҳам эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, “Террорчилик интернационали”нинг медиа фаоллари бу соҳадаги фаолиятнинг шакл ва усулларини такомиллаштириб, уни ўзгарувчан шароитларга мослаштиришмоқда, экстремистик материалларни тарқатишнинг энг янги усулларини ўзлаштириб, аудиторияга таъсир ўтказишда замонавий технологиялар ва усулларни қўлламоқда.

“Бу шароитда ҳозирги тадбирнинг ўтказилиши ШҲТ ва МДҲ маконида терроризмга қарши курашда ягона ёндашувни ишлаб чиқишни талаб этувчи хавфсизликка таҳдидлар яхши англанаётганидан далолат беради", — дея қўшимча қилди Мирзаев.

МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази раҳбари Евгений Сисоев ўз нутқида Афғонистонда террорчилик ҳаракати сезиларли даражада пасайганини қайд этди.
У минтақавий низолар ҳудудларидан халқаро террорчилик ташкилотлар жангариларининг кириб келишини камайтириш мақсадида афғон ҳокимияти вазиятни барқарорлаштириш, террорчилик гуруҳларига қарши курашиш, ташқи чегараларни мустаҳкамлаш бўйича фаол ишлар олиб бораётганини таъкидлади.
Айни дамда, “Ислом давлати – Хуросон вилояти”* гуруҳи томонидан жамиятни радикаллаштириш, давлат тузилмаларига нисбатан нафрат, шунингдек, ирқлараро, миллатлараро ва конфессиялараро адоват қўзғатишга қаратилган таҳдидлар юқори даражада экани қайд этилди.
Унинг таркибида собиқ совет давлатлари вакилларининг кўплиги ҳудудидан МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари махсус хизматлари ушбу гуруҳ ва бошқа халқаро ташкилотларга қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласини кун тартибига қўймоқда.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Турсунов сўзга чиқиб, мустақил тараққиёт йилларида дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам терроризм ва экстремизмнинг турли шаклларига дуч келганини қайд этди.

“Хавфсизликнинг бу таҳдидларига қарши курашиш бизга бу соҳада миллий андозани шакллантириш имконини берди. Айни пайтда, терроризм ва экстремизмга қарши ёндашувимиз такомиллашмоқда, биз янги чақириқ ва таҳдидларга мослашяпмиз. 2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши бу борадаги туб бурилиш бўлди. Ушбу ҳужжатларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари, ҳокимият ва бошқарув органларининг фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари белгилаб берилган”, - дея қайд этди у.

Унинг сўзларига кўра, экстремистик ғояларнинг собиқ ва салоҳиятли тарафдорлари билан ижтимоий ва психологик ишлаш, уларни ўқитиш, иш билан таъминлаш, умуман, ўз қобилиятларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ўзгариш ва ёндашув юксак натижаларни бериб, халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда.
Таъкидланишича, 2019 йилдан буён 5 та “Меҳр” гуманитар акциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар репатриант Ўзбекистонга қайтарилди. Уларга ижтимоий, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Натижада бугунги кунда репатриантларнинг 90,2 фоизи замонавий турмуш тарзини олиб бормоқда, 9,8 фоизи анъанавий ислом динига эътиқод қилади.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчи ташкилотлар
Ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари “онлайн манқуртлаштириш” қурбонига айланмоқда — Мирзиёев