ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги экстремизм ва ҳокимиятни эгаллаб олишга чақириқлар учун жазони кучайтиришни таклиф қилмоқда.
“Қирғизистон Республикасининг мазкур қонун лойиҳаси экстремистик материалларни тарқатиш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақириқлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш; олдиндан огоҳлантирилган шахслар учун экстремистик материалларга эгалик қилишга ва оммавий чақириқлар учун жиноий жавобгарликни жорий этиш", - дейилади сешанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ягона порталида эълон қилинган ҳужжатда.
Қонун лойиҳасида Жиноят кодексига иккита янги моддалар: “Экстремистик материалларни сақлаш” ва “Экстремистик фаолиятга оммавий чақириқлар” қўшилиши назарда тутилган. Мавжуд моддаларга кўра, экстремистик материаллар тайёрлаганлик учун энг кўп жазо муддатини 3 йилдан 5 йилгача, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга оммавий чақириқлар учун — 5 йилдан 7 йилгача ошириш таклиф этилмоқда.
Муаллифлар қонун лойиҳасини асослашда охирги пайтларда дунёнинг қатор минтақаларида беқарорлик туфайли фаолияти давлат ва фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солувчи радикал гуруҳлар ва экстремистик ташкилотлар фаоллашганини таъкидлайдилар. Киритилаётган янгиликлар бу борадаги вазиятни яхшилаши ва экстремизм кўринишларига қарши курашишда қонунчиликни янада самарали қўллаш имконини бериши керак.