Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Мустақиллиги куни билан табриклади

Россия етакчиси Ўзбекистон билан МДҲ ва ШҲТ доирасида самарали ҳамкорликни алоҳида қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Мустақиллиги куни билан табриклаб, мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги мавқеи мустаҳкамланаётганини таъкидлади,дея хабар берди Кремль сайти.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович, Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилинг. Мамлакатингиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаб, минтақавий кун тартибидаги муҳим масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиб, жаҳон миқёсида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик характерига эга. Москва ва Тошкент турли йўналишларда фаол ҳамкорлик қилмоқда, МДҲ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда”, — дейилади табрик матнида.
Путин, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш манфаати йўлида мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга ишонч билдирди.
“Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали дўст халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш манфаатлари йўлида конструктив икки томонлама алоқаларни изчил оширишда давом этамиз”, — дейилади табрикда.
Россия етакчси, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарига мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, мамлакатнинг барча фуқароларига бахт ва фаровонлик тилади.
Ўзбекистон мустақиллиги: “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси қандай ўтди?