TOШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтаётган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг илк олтин медалларини қўлга киритган енгил атлетикачилар Асила Мирзаёрова ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда 5,22 метр натижа қайд этиб, салкам 30 йил олдинги паралимпия рекордини янгилади. Қудратиллохон Маъруфхўжаев ядро улоқтириш баҳсида ғолиб бўлди.
Давлат раҳбари уларни қизғин табриклаб, меҳрли сўзларини изҳор қилди. Мураббийлари ва ота-онасига миннатдорлик билдирди. Бошқа совриндор ва иштирокчи спортчиларга ҳам салом йўллаб, муваффақиятлар тилади.
Паралимпиячилар табрик ва доимий эътибори учун президентга раҳмат айтиб, янги ғалабаларга эришишга ваъда бердилар.