TOШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Бугун “Термиз халқаро савдо маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби.
Маросимда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон бош вазирининг ўринбосари Шаҳин Мустафаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев иштирок этди.
Рамзий тасма кесилиб, марказ расман очилганидан сўнг, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон Қирғизистон ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакиллари марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
“Термиз халқаро савдо маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
© Кабинет министров Узбекистана
Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
“Қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида “Термиз халқаро савдо маркази” барпо этилди”, — дейилади хабарда.
Мазкур марказ минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди.
“Термиз халқаро савдо маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
© Кабинет министров Узбекистана
Шунингдек, Марказда Афғонистон фуқароларига савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
“Термиз халқаро савдо маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
© Кабинет министров Узбекистана
Маълумот учун, марказ ҳудудида фаолият юритувчи Ўзбекистонда рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.
Афғонистон ва Покистон фуқароларига савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни ижарага олиш, шунингдек, истисно тариқасида, мулк ҳуқуқи билан сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бунда ер участкасига бўлган ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида, истисно тариқасида, ўзбек сўми билан бир вақтда доллар, рубль, евро, юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилади.