ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Шу йил 10 сентябрдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этиладиган “Умра – 2024”нинг навбатдаги мавсуми бошланади, дея хабар берди идора матбуот хизмати.
“2024 йил 10 сентябрь кунидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этиладиган “Умра – 2024”нинг навбатдаги мавсуми бошланади. Ҳамюртларимиз "Uzbekistan Airways" АЖ авиакомпанияси орқали тўғридан-тўғри рейсларда Саудия Арабистонига олиб борилади", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 7 кун бўлади. Мавсум давомида тажрибали ишчи гуруҳи ва имом-хатиблардан иборат элликбошилар ҳамда малакали шифокорлар уларга ҳамроҳ бўлади.
Мадина ва Маккадаги меҳмонхоналар 3-4 ўринли бўлиб, 3 маҳал таомлар, ширинлик ва сархил мевалар тортиқ қилинади.
Мазкур шаҳарларда муборак қадамжоларга зиёрат ташкил этилади.
Меҳмонхоналарда тиббиёт пунктлари, транспорт хизмати ва ишчи гуруҳлари штаблари 24 соат давомида фаолият юритади.