ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Иммунитетни мустаҳкам бўлиши, вирус ва бактерияларга қарши самарали курашиши учун бир қанча тавсияларга амал қилиш лозим, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
“Иммунитет – инсон организмини зарарли инфекция ва касалликлардан ҳимоя қилувчи тизим. Шу боис унинг мустаҳкам бўлиши, вирус ва бактерияларга қарши самарали курашиши учун бир қанча тавсияларга амал қилиш лозим”, — дейилади хабарда.
Мукаммал ва мувозанатли овқатланиш
Иммунитет тизимининг самарали ишлаши учун турли витамин ва минералларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш зарур. Хусусан, C витамини (цитрус мевалар, қизил ва яшил булғори қалампири, қовун, брокколи), D витамини ( сут маҳсулотлари, тухум, қўзиқорин) ва цинк (қовоқ уруғи, мол жигари, ловия, тухум сариғи, бодом) мўл бўлган маҳсулотлар таомномадан мустаҳкам ўрин эгаллаши керак.
Етарли миқдорда уйқу
Иммунитет тизимининг тўғри ишлаши учун етарли миқдорда ухлаш жуда муҳим. Катта ёшли инсонлар учун бир суткада 7-8 соат уйқу тавсия этилади. Тиниқиб ухлаш орқали организм вирус ва бактерияларга қарши самаралироқ курашади.
Жисмоний фаоллик
Жисмоний машқлар иммунитетни мустаҳкамлашнинг яна бир муҳим йўли. Мунтазам равишда жисмоний машғулотларни бажариш организмнинг инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини оширади ва барча тизимларнинг яхши ишлашини таъминлайди.
Стрессни камайтириш
Кўплаб изланишлар стресснинг иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатишини исботлаган. Уни камайтириш орқали организмнинг инфекцияларга қарши курашувчанлик қобилиятини яхшилаш мумкин. Стрессга қарши мустаҳкам туришнинг самарали йўлларидан бири медитация қилиш, нафас олиш машқлари ва спорт билан шуғулланишдир.
Етарлича суюқлик ичиш
Суюқлик ичиш организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жуда зарур. Чунки инфекцияларга қарши самарали курашишда тананинг гидрация ҳолати юқори даражада бўлиши лозим. Бу — сув, табиий шарбатлар ва турли витаминга бой шўрвалар орқали амалга оширилиши мумкин.
Қўшимча витамин ва минераллар
Агар рационда турли витаминлар етишмаса, уларни қўшимча тарзда қабул қилиш мумкин. Айниқса, С, D витамини ва цинк иммунитет тизимини қувватлантиришга ёрдам беради.
Қўлларни мунтазам ювиш
Қўл гигиенаси инфекция тарқатмасликнинг энг самарали йўлларидан бири. Уларни мунтазам ювиш орқали организмга вирус ва бактериялар киришининг олдини олиш мумкин.