TOШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик эркин курашчи Улуғбек Рашидов (-48 кг) Амман шаҳрида ўтаётган U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди, дея хабар берди Миллий олипмия қўмитаси.
Улуғбек Рашидов барча беллашувларда яққол устунлик билан рақибларини мағлуб этиб, финалда эронлик Амираббос Ализодани муддатидан аввал таслим қилди.
Шунингдек, яна икки нафар ўзбекистонлик курашчи эртага бронза медали учун куч синашади.
Ўтиш босқичи:
-51 кг: Озодбек Алижонов - Ашот Гюлназарян (Арманистон);
-92 кг: Асадбек Эркинжонов - Майклжит Сингҳ (Канада).
Эслатиб ўтамиз, спорт курашлари бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Иордания мезбонлик қилаётган U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида юнон-рум курашчилар Ҳусниддин Абдукаримов кумуш медални қўлга киритган бўлса, Сардор Холмурзаев, Умиджон Каромов, Фарруҳ Йўлдошев, Беҳрузбек Валиев, Фахрикамол Комилжонов бронза медали билан тақдирланди.