ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. 23 август куни “Ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 118-сонли Ўзбекистон президенти фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини (Ўзэнергоинспекция) Вазирлар маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади.
“Ўзэнергоинспекция” ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
“Ўзэнергоинспекция”га қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
энергия самарадорлиги бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
йиллик энергия истеъмоли 500 тонна шартли ёқилғидан юқори бўлган барча саноат корхоналарида энергия истеъмолини бошқариш тизимини (Energy Management System) жорий этишни назорат қилиш;
соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;
энергия аудиторларга малака сертификатларини бериш ва замонавий ўлчов лабораториялари бўйича минимал талабларни белгилаш.
“Ўзэнергоинспекция”нинг марказий аппарати тузилмасида 30 та штат бирлигидан иборат бўлган Энергия самарадорлигини ошириш департаменти ва Энергетика назорати соҳасини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилади.