Сенаторлар электр энергетикасига оид қонунни маъқуллашди — қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
12:05 10.07.2024 (янгиланди: 16:48 10.07.2024)
© Сенат Олий Мажлиса“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда маъқулланди
© Сенат Олий Мажлиса
Oбуна бўлиш
Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги ва “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинди.
TOШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Сенаторлар “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллашди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган.
Унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган. Электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс этмаган.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган.
© Сенат Олий Мажлиса“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда маъқулланди
“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда маъқулланди
© Сенат Олий Мажлиса
“Шу боисдан бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермади”, — дейилади хабарда.
Янги таҳрирдаги қонун билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:
истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш;
электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатдош электр энергия бозорининг юзага келиши ва ривожланишига кўмаклашиш.
“Қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланмоқда. Хусусан, қонунда инсофли рақобат, тенглик ва ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик, электр энергетикаси хавфсизлигининг устуворлиги кабилар соҳанинг асосий принциплари этиб белгиланиб, электр энергетикаси соҳасининг мақсадларига оид янги модда киритилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Қонунда электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари ҳам акс эттирилмоқда. Бундан ташқари, электр энергияси бозорида трейдерлар (жисмоний ёки юридик шахслар) фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид норма киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ҳужжатнинг қабул қилиниши соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишга ва бу орқали электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритишига хизмат қилади.
Қолаверса, электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгиланишига ҳамда электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.
© Сенат Олий МажлисаСенаторлар “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишди.
Сенаторлар “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишди.
© Сенат Олий Мажлиса
Шунингдек, сенаторлар “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунни ҳам кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, ҳозирда мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда.
"Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқишни мақсад қилган. Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради", — дейилади хабарда.
Қонунда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергияни тежаш ҳамда самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиб-тамойиллари, электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада тежамли ва самарали фойдаланиш вазифалари ва қоидалари белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, энергияни тежаш ва энергия самарадорлик талабларини бузганлик ва ресурсларни меъёридан ортиқча сарфлагани учун жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилган. Қолаверса, қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ҳамда иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида энергияни тежаш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш йўналишлари кўзда тутилмоқда.
Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.