Ўзбекистон ва Озарбайжон товар айирбошлаш ҳажмини 3 баробарга оширди

Форумга Озарбайжондан 67 компания, шунингдек, 10 га яқин давлат ташкилотлари ташриф буюрди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон келгуси ёки икки йил ичида товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форумида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми ўз ишини бошлади.
Унда кириш сўзи билан Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров иштирок этди.
Форумга Озарбайжондан 67 та компания, шунингдек, 10тага яқин давлат ташкилотлари ташриф буюрди.
“Охирги 5 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 20 фоизга ошди. Мутлақ қийматлар ҳали ҳам оддий бўлиб қолмоқда, аммо биз келгуси ёки икки йил ичида бу кўрсаткичларни 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз”, — дейди Лазиз Қудратов.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон турли соҳаларда – энергетика, шаҳарсозлик, машинасозлик, тўқимачилик ва ипакчилик саноати, қишлоқ хўжалигида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Бугунги кунда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш ва диверсификация қилиш, импорт ўрнини босишни амалга ошириш масалалари, жумладан, мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган товарларни янада фаол сотишга хизмат қилувчи икки давлат ҳудудларида инфратузилмани яратиш, товарларни махсус электрон платформаларда жойлаштириш.
"Бу борадаги аниқ қадамлар қаторида икки давлат – Боку, Шуша, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида савдо уйлари, кўргазма заллари, доимий миллий павилонлар очиш режаларини алоҳида таъкидламоқчиман", — деди у.
Бундан ташқари, томонлар саноат кооперациясини фаол ривожлантириш ниятида.
Тоғ-кон саноатида лойиҳаларни амалга ошириш. Ўзбекистон Озарбайжон ҳудудида минерал-хом ашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлашга, шу жумладан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ва Қорабоғ ҳудудидаги реставрация ишларида фойдаланишга тайёр.
"Ўз навбатида, биз Озарбайжон компанияларини рангли металлар, жумладан, мис конларини ўзлаштириш ва қазиб олишда иштирок этишга таклиф қиламиз. Энергетика ва нефт-газ соҳаларида ҳамкорлик яхши суръатга эга. Биз яшил энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа давлатларига экспорт қилиш лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Ўзбекистондаги Устюрт платосида геологик қидирув ишларини бошлаяпмиз",— дея қўшимча қилди вазир.
Қишлоқ хўжалигида ҳам салоҳиятни биргаликда ривожлантириш мумкин. Боғлар, иссиқхона мажмуалари барпо этиш, қуритилган мевалар етиштириш, ёнғоқ етиштириш бўйича аллақачон ишланмалар мавжуд.
"Яхши йўлга қўйилган транспорт ва логистика коммуникациялари биз кутган натижаларни бермоқда. Ҳудудда ҳар икки йўналишда ҳам юк ташиш ҳажми барқарор равишда 25-30 фоизга ошиб бораётганини кўрмоқдамиз", — дея қайд этди Озарбайжон Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов.
Маълумот учун, 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 26,5 фоизга ўсиб, 231,6 миллион долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 236 тадан ортиқ корхона, Озарбайжонда эса 70 тадан ортиқ ўзбек компанияси ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан республикада бўлади.
Боку Озарбайжон шаҳарларини Ўзбекистон ҳудудлари билан бевосита боғлашни таклиф қилди