TOШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Россиянинг Приморск ўлкасида Ўзбекистон фуқароларининг тиббий хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Приморск ўлкасидаги "Лотос", "Единый Медицинский Центр" ва "ДиаМед" тиббиёт клиникалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
“Томонлар Ўзбекистон фуқароларининг тиббий хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, кўрсатилаётган хизматлар нархини арзонлаштириш ва келгусида ушбу йўналишда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олишди”, — дейилади хабарда.
Учрашувда ишлаш мақсадида Приморск ўлкасига келаётган ва ушбу ҳудудда вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиши бўйича пайдо бўлаётган муаммолар ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, тиббий кўрикдан ўтиш ва юқумли касалликлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномаларни олиш жараёнини соддалаштириш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар нархини арзонлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.