Сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига имзо варақаларини тақдим этди

Имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги беш кунлик муддатда текшириб чиқилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Жорий йилнинг 16-17 август кунлари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси томонидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш бўйича Марказий сайлов комиссиясига “Е-saylov” ахборот тизими орқали мурожаат юборилди ҳамда тўпланган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги МСКнинг эксперт гуруҳлари томонидан беш кунлик муддатда текшириб чиқилади.
Сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши ва депутатликка номзод кўрсатиши учун сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Қонунчиликка кўра, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тўпланган сайловчиларнинг имзолари, республика бўйича тўпланиши лозим бўлган имзоларнинг кўпи билан саккиз фоизини ташкил этиши лозим.
31 июль куни МСК томонидан Қонунчилик палатаси сайловида сиёсий партиянинг иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш учун ҳар бир сиёсий партияга имзо варақалари бланкалари берилди. Сиёсий партиялар шу кундан бошлаб ўз партиясининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплашга киришдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайлов округлари тузилди — батафсил