TOШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) саноат ва агросаноат комплекси вазири Гоар Барсегян ва Россия қишлоқ хўжалиги вазири Оксана Лут Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) агросаноат комплексида интеграцияни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлар келишилган агросаноат сиёсатини амалга ошириш, Россия агросаноат комплексини Иттифоқ доирасида ривожлантириш, Россия ва бутун Иттифоқ агросаноат комплексини рақамли ривожлантириш, ЕОИИга аъзо давлатлар аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Гоар Барсегян Иттифоқнинг агросаноат комплексини ривожлантириш якунлари ҳамда агросаноат комплексида интеграцияни чуқурлаштириш нуқтаи назаридан ЕОИИ тўғрисидаги шартнома ва Стратегия-2025 да белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича иш режалари ҳақида маълумот берди.
Иттифоқ доирасида агросаноат комплекси маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида томонлар агросаноат комплексида интеграция лойиҳалари ва қўшма тадбирларни амалга ошириш масаласи устида ишлашга келишиб олдилар.
Гоар Барсегян ва Оксана Лут Евроосиё “бешлиги” мамлакатлари тадбирлари доирасида Иттифоқнинг умумий қишлоқ хўжалиги бозорини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. ЕОИИ агросаноат сиёсати бўйича кенгашининг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг кузида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.