TOШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик бир гуруҳ шифокорлар Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети клиник ординатурасида бепул таҳсил олади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари келишувига асосан 2024/2025 ўқув йили учун университетнинг 52 та ординатура мутахассислигига Ўзбекистон фуқароларини ўқишга қабул жараёни ташкил этилади.
Клиник ординатура танловида юқори балл олиб ўқишга қабул қилинган Ўзбекистоннинг 35 нафар фуқароси учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси фонди ҳисобидан клиник ординаторнинг бориш-келиш авиачиптаси (бир марталик), кунлик сафар харажатлари ҳамда ўқиш тўлов-контракт суммаси қопланиши белгиланди.
Ординатура мутахассисликларига дастлабки танлов (суҳбат)да қатнашиш истагини билдирган “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” таълим йўналишлари битирувчилари ҳужжатларини топширади. 16-18 август кунлари ҳар бир тиббиёт олий таълим муассасасида дастлабки танловдан ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳ шакллантирилиб, талабгорлар рус тилида дастлабки танловдан ўтказилади.
20 августгача Ишчи гуруҳ томонидан танловда иштирок этишга тавсия этилган абитуриентлар ҳужжатларини ординатура мутахассисликларига қабул бўйича эълон қилинган веб-сайтда топшириш ва рўйхатдан ўтиш жараёни олиб борилади. 22-24 август кунлари абитуриентларнинг ординатура мутахассисликларига қабул бўйича онлайн форматдаги тест синовларида иштирок этишлари марказлашган ҳолда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳудудида ташкил этилади.
Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг мутахассисликлари бўйича 2 йил таҳсил олиб келган шифокорларга ўқишдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, 5 йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.