TOШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Ўзбекистонда янги туристик йўналишлар очилмоқда, дея хабар берди Туризм қўмитаси.
Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятининг туман ва шаҳарларини боғловчи “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси” ҳамда Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб “Қалъалар ҳалқаси” туристик йўналишлари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистонда янги туристик йўналишлар очилмоқда
© Комитет по туризму
“Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси” туристик йўналиши жами Фарғонада 22 та, Андижонда 18 та ва Наманганда 17 та ташриф объектларини ўз ичига олган.
“Водийга ташриф буюрган туристларни аниқ маршрут асосида кутиб олинади. Сайёҳларга қизиқарли манзиллар тақдим этилади. Меҳмонлар “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси” туристик йўналишида жойлашган маданий мерос объектлари, эко- ва агротуризм объектлари, кўнгилочар масканлар ва ҳунармандчилик марказлари билан яқиндан танишадилар”, — дейилади хабарда.
Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб “Қалъалар ҳалқаси” туристик йўналиши хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга қадимий қалъалар – Ичан қалъа, Улли ҳовли, Қалажиқ қалъа, Сулаймон қалъа, Тошқалъа, Аязқалъа, Тупроққалъа ва Элликқалъа тарихи билан яқиндан танишишга имконият яратади.
Қайд этилишича, бунинг натижасида сайёҳларнинг қолиш муддати 2 кундан 3 кунга узаяди. Қўшимча хизмат турлари йўлга қўйилади.
Ўзбекистонда янги туристик йўналишлар очилмоқда
© Комитет по туризму
“Мазкур туристик йўналишлар мамлакатимизнинг қадимий қадамжоларига хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ва юртимиз туризм салоҳиятини оширишга ёрдам беради”, — дея қайд этилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Россия, АҚШ ва Хитой тажрибаси асосида мамлакатда ҳарбий ва саноат туризмини ривожлантиришни таклиф қилган эди. Унга кўра, туризмнинг янги турлари — геология туризми, саноат ва илмий туризм ва ҳарбий туризмни ишга тушириш кўзда тутилмоқда.