Гитлер СССРга қарши атом бомбасидан фойдаланишни режалаштирган — Россия ФХХ

Федерал хавфсизлик хизмати Гитлернинг СССРга қарши атом бомбасидан фойдаланиш режасини ошкор қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Гитлер 1945 йил июнь ойида СССРга қарши атом бомбасини қўллашни режалаштирган, бу Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ошкор қилинган архив ҳужжатларида келтирилган, деб ёзмоқда РИА Новости.
Шу кунларда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларини Америка атом бомбаси билан бомбардимон қилганига 79 йил тўлгани нишонланмоқда. Немис олимлари 1930 йилларнинг охирида уран атомларининг ядровий бўлинишини аниқлашди ва атом физикаси асосларини яратишга катта ҳисса қўшишди. Гитлер Германияси атом бомбасини яратиш бўйича ўз лойиҳасини бошлаган биринчи давлат эди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) нацистларнинг собиқ йирик амалдори группенфюрер Вернер Вахтер иши бўйича ҳужжатларнинг фотонусхаларини нашр этди. Вахтер совет терговчиларига фашистлар Германияси томонидан қуролларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва хусусан, немис атом бомбаси ҳақида гувоҳлик берган.
Унинг гувоҳлигидан маълум бўлишича, нацистлар СССРнинг Урал ва Ўрта Осиёдаги саноат марказларига ядровий ҳужумлар уюштириш учун узоқ масофали "Фау-2" баллистик ракеталаридан фойдаланмоқчи бўлган.

“Германия Қурол-яроғ вазирлиги атом бомбасидан фойдаланишга тайёрланаётганини биринчи марта муҳандис Доминикдан билдим... Доминик тарғибот вазирлигида алоқа муҳандиси бўлиб ишлаган ва ўз ишининг табиатига кўра, махфий қуроллар ва хусусан, атом бомбаси соҳасида ишлайдиган етакчи мутахассис муҳандислар билан алоқада бўлган ... У менга немис олимлари атом ядросининг бўлинишига эришганликларини ва мутахассис муҳандислар атом энергиясидан уруш воситаси сифатида амалий фойдаланиш усулларини ишлаб чиқишаётганини айтди”, — деган Вахтер 1945 йил 10 октябрдаги сўроқ пайтида.

Вахтернинг сўзларига кўра, у Қурол-яроғ вазирлиги атом бомбасидан фойдаланиш бўйича амалий иш олиб бораётганини билган. "Мен бу ҳақда дўстим, махфий ҳукумат бюллетени муҳаррири Гертель Гансдан билиб олдим", деб эслайди Вахтер.
"Доминик ва Гертель билан суҳбатлар асосида мен Германия Қурол-яроғ вазирлиги 1945 йилда атом бомбаларини қўллашга тайёргарлик кўраётган деган хулосага келдим", — дея қўшимча қилди у.
Вахтернинг аниқлик киритишича, унинг ўзи урушнинг маълум бир даврида Совет Иттифоқи атом бомбаларидан фойдалангани ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас.
Хиросимага атом бомбасини ким ташлаган — Гутерреш ва Кисида фожиа сабабчиларини айтмади