Ўзбекистон Россиядан сайёҳлар оқимини оширади — Туризм қўмитаси

Сайёҳлик оқимини ошириш мақсадида Владивостокда “Road show” тадбири ташкил этилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Бу йил Ўзбекистонда россиялик сайёҳлар сони 1 миллион кишига етказилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаламов маълум қилди.
“Россияда Ўзбекистон туризм йили” доирасида, ҳамда республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва сайёҳлик оқимини ошириш мақсадида Владивостокда “Road show” ташкил этилди.

“Бизнинг Қўмитамиз бу йил россиялик сайёҳлар сонини 1 миллион кишига етказиш мақсадини қўйди. Бунинг учун тегишли инфратузилмалар ва турли авиакатновлар яратилади. Ҳозирда Россия шаҳарлари ўртасида ҳафтада 300 тага яқин рейс мавжудлигини айтиб ўтмоқчиман. Икки мамлакат фуқаролари орасида қизиқиш бор ва, менимча, биз Приморск ўлкаси раҳбарияти билан бирга туризм компаниялари ва тадбиркорларга зарур ёрдам кўрсатамиз, уларни келишишга, ҳамкорликда ривожланишга ва олға интилишга ёрдам берамиз”, — деди Жамшид Абдусаломов.

Тадбирда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтди. Унда сўнгги йилларда республикада туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, янги сайёҳлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
“B2B ва B2G форматидаги учрашувлар Ўзбекистон ва Россия туризм соҳаси вакиллари учун тажриба алмашиш ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун ташкил этилди, натижада икки томонлама келишувларга эришилди”, — дейилган хабарда.
Тадбирда, шунингдек, ўзбек гастрономик туризмининг тақдимоти ва миллий чолғу ансамбли иштирокида концерт дастури ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бу йил 11 миллион хорижий сайёҳни жалб қилишни режалаштираётгани маълум қилинган эди. Туризм хизматларини диверсификация қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Иброҳим Барнаевнинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, ўтган йили бир нафар сайёҳнинг Ўзбекистондаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилган.
Геология, саноат ва ҳарбий туризм: Ўзбекистон янги сайёҳат манзилларини очиши мумкин