TOШКЕНТ, 5 август — Sputnik. Бугун Остонадаги президент маданият марказида “Заковат” халқаро интеллектуал ўйинлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.
“Заковат” Остонада илк бор ўйинлар ташкил қилмоқда. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон билимдонлари интеллектуал жангда куч синашади.
Иштирокчилар бош соврин – “Zakovat Asian cup” учун кураш олиб боради.
Қозоғистон Ўзбекистонда 2022 йилда Заковат ўйинлари кубогини қўлга киритган. Ўшанда иккинчи ўйинда қозоғистонликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Охирги ҳал қилувчи баҳс қозоғистонликларнинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
"Заковат" бугунги кунда шунчаки клуб ёки ўйин эмас, бу халқаро интеллектуал ҳаракатдир. 2023 йилда “Заковат”нинг доимий аъзолари сони 500 минг нафарга кўпайди. 156 250 та жамоа ва 1 150 000 нафарга яқин экспертлар иштирок этган 7 000 тадан ортиқ ўйин ўтказилди. Берилган саволлар сони 15 000 тадан ошди.
"Заковат" ўз чегараларини кенгайтириб, Ўзбекистондан ташқарига чиқди. Бугунги кунга қадар Лондон, Остона, Олмаота, Душанбе, Берлинда "Заковат" номи остида ўнлаб халқаро мусобақалар ўтказилди.